21:29 ЭНДИ ЎЗБЕК КИНОСИ БОШҚАЧА БЎЛАДИ! | |
Ўзбек киносида ўзгариш бўлишини узоқ кутдик. Сўнгги йилларда яратилаётган енгил-елпи, “хонтахта” фильмлардан омма безишга ҳам улгурди. Ҳинд киноси устидан гоҳо кулиб , гоҳо танқид қилиб юрганимизда, ўз киномиз склети ҳам “Жими, Жими, ажа-ажа”га ўхшаб қолаёзди. Кинотеатрлар экранларини тўлдириб турган фильмлар номини эслаб қолиш тугул, намойишдан сўнг бир ой ўтмас, фильмлар нима ҳақида эканлигини ҳам унутиб қўйяпмиз. Эл тилида айтганда, аксарият ижодкорлар қўл учида фильм суратга олавериб, киноиндустрияни майнавозчиликка айлантиришди. Хуллас, ўзбек киноси фильмлар яратиш бобида сон жиҳатдан анча илдамлади, бироқ, томошабин тафаккури учун берилиши лозим бўлган маънавий улушга келсак, узоқ сукунат. Жуда узоқ жимжитлик! Режиссёрлар фильм яратишда нималарни бош мақсад қилишини ўйлаб ҳайронсан? Аввало, продюсерлар сарфлаган пулини фойда билан чиқариб бериш, машҳур актёрлар таркиби, диалогларда кўча жаргонларини қўллаш ва тутуруқсиз гап-сўзлар... “Яратаётган фильмим томошабинларга нималар бера олади?” деган саволга жавоб излаш эса режиссёр миясидаги “корзинка”га ташлаб қўйилгандай... Энди эса бошқача бўлади. Бу қатъий фикрга эса “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан яратилган янги картина умид уйғотди. Ўзбек киносида янги давр бошланади. Бу фикрга ҳам шу умид сабаб! “Сотқин”. Кинода қачон ўзгариш бўлишини узоқ кутган оммага кинотуҳфа! Таъбир жоиз бўлса, “Сотқин” фильмдан ортиқроқ! “Сотқин”да ўзининг очилмаган қирраларини кўрсатиб, бор маҳоратини ишга солган актёр ва актрисалар: Улуғбек Қодиров, Фаррух Соипов, Убайдулло Омон, Жавоҳир Зокиров, Матёқуб Матчанов кабилар яратган роллар улар фаолиятидаги “бриллиант” роллар сифатида эътироф этилишига шубҳа йўқ! Фильмда ҳаётдагидай, реал яшаш мумкинлигини улар исботлашди! “Сотқин” – бу томошабинни ўз тақдири, Ватан олдидаги бурчи, садоқати, чин муҳаббатига қанчалар муносиб ва масъул бўлаётгани ҳақида бир бор ўйлаб кўришга ундовчи кучли киноасардир! Ватан бу - тақдир! Тақдир эса Инсон зотига ато этилади. Чунки, ҳар инсон ҳаёти битта шу тақдирда, бир Ватанда – ўзинг ва қоши кўзи ўзингга ўхшаганлар билан бирга кечади. Кўз ёшингни артгувчи, шодлигингда сендан-да кўра кўпроқ хурсанд бўлгувчи ҳам шу – тупроқ! Онадай меҳрибон, Отадек суянч – шу тупроқ! Ватан – бешикда ётганингда қулоғингга хуш ёққан онанг алласи, болаликда из қолдирган илк қадамларинг, тандирдан энди узилган нон ҳиди, ота-боболаримиз тинч ётган қабр... Юрт тинчлиги бу ота-онамиз дуоси, фарзандларимиз ширин табассуми, тиниқ осмон экан, уни асрай олмасак, шу юрт фарзандиман дея юрак ургани, кўкрак керганимиз увол эмасми? Янги фильм шу қадар мукаммал воқеалар ривожида кечадики, унинг ҳар бир дақиқаси ўз моҳиятига эга! Ҳар бир дақиқаси! Ахир, бу Рустам Саъдиев! Халқ меҳрини чинакам қозона олган, ўзбек киносининг устунлари бўлган ҳақиқий фидойи устоз кинорежиссёрлар – Комил Ёрматов, Наби Ғаниев, Йўлдош Ағзамов, Латиф Файзиев ва замондошимиз, “тирик афсона” Шуҳрат Аббосов йўлидан содиқ кетаётган режиссёргина бундай ишончли фильм яратишни уддалаши мумкин. “Сотқин” - Саъдиевнинг ижодида янги мотивация, бошқа ҳамкасблари учун янги илҳом манбаи, ўзбек киносида эса кескин бурилиш! Шу ўринда юқоридаги фикримизни такрор айтишни лозим топдик. Ҳа, энди кино бошқача бўлади! Март. Шов-шувли премьерага ҳозир туринг! Жасур ҲАМРОЕВ Манба:shov-shuv.uz | |
Категория: Шоу Бизнес | |
Всего комментариев: 0 | |