10:29 Март ойида Ўзбекистонда қор ёғадими? | |
Февралнинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйлаб илиқ ҳаво ҳукмронлик қилди, баъзи ҳолларда ҳаво ҳарорати +15…+20 даражагача илиди, дея хабар бермоқда “Даракчи” газетаси. “Ўзгидромет” мутахассисларига кўра, февраль қиш ойи ва бу каби нотурғун об-ҳавода ойнинг иккинчи ярмида ҳарорат кескин пасайиши эҳтимоли мавжуд. Шунингдек, соҳа мутахассисларининг яна изоҳ беришича, “баҳор ўз вақтида кириб келади, бироқ бундай катта давр учун об-ҳаво башоратини айтишнинг нафақат Ўзбекистонда, балки бутун жаҳонда ҳам имкони йўқ”. Қайд этишларича, Ўзбекистонда сўнгги 10 йилдаги энг илиқ март 2008 йилда кузатилган (ўртача меъёрдан +7 даража юқори), шу йили кундузги ҳарорат +25…+30 даража илиқ бўлган. 2005 йил февраль ойининг сўнгги кунларида баҳор кириб келган, март ойининг сўнгги беш куни ҳарорат кескин совиб, ёғингарчилик ҳамда кечаси ҳароратнинг ноль даражагача тушиб кетиши кузатилган. Сўнгги 10 йилда энг совуқ март 2012 йилда бўлган, шу йили кучли қор ва ёмғирлар март ойининг 20 санасигача ёғиб, ҳаво ҳарорати -5…-2 даража совуқни ташкил қилган. “Бизнинг Ўрта Осиё иқлими учун эрта илиқ баҳорий ҳарорат тақвимдаги муддатидан олдин кириб келиши хос саналади. Одатда февралда, айниқса, ушбу ойнинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати баҳорий бўлади”, – дейилади газета хабарида. 2004, 2006, 2007, 2009, 2013 йилларда Ўзбекистонда февралдаги ўртача ҳарорат меъёрдан юқори 3-5 даражани ташкил этган. 2010 йилда эса февралнинг охирги 10 кунлиги жуда илиқ келган. “Бироқ барчамизга маълумки, ҳатто жуда илиқ февралдан кейин ҳам мартда ҳаво кескин минус даражагача совиб кетиши ва қор ёғиши мумкин”, – дея қўшимча қилинган газета хабарида. Манба:Kun.uz | |
Категория: Новости Узбекистана | |
Всего комментариев: 0 | |